Меҳнат вазирлиги “Human” хусусий бандлик агентлиги лицензиясини бекор қилди

Меҳнат вазирлиги хорижда ишга жойлаш билан шуғулланаётган Human хусусий кадрлар агентлиги фаолиятини вақтинча тўхтатади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 18 сен – Sputnik. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш билан шуғулланаётган “Human xususiy bandlik agentligi” лицензиясини тўхтатди, деб хабар қилмоқла “Халқ сўзи”.

“Хорижга ишга юбориш учун 20 минг $”: хусусий бандлик агентлиги ходими ушланди

Хабарда айтилишига кўра, агентлик фуқаролар билан Германия ва Чехияда 6-8 ой ичида иш билан таъминлаш ҳақида шартнома имзолаган, лекин ушбу келишув амалга ошмаганидан сўнг фуқаролар тўлаган пулларини қайтариб олишда муаммоларга дуч келган. Ушбу вазият юзасидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига фуқаролардан кўплаб норозилик мурожаатлари келиб тушган. 

Шу муносабат билан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 сентябрдаги 725-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш излаётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисида”ги Низомининг 45 ва 46-бандларига мувофиқ, “Human xususiy bandlik agentligi” МЧЖ лицензиясининг амал қилиши 10 иш куни муддатига тўхтатилганлиги тўғрисида қарор қабул қилди.

“Human” хусусий бандлик агентлигидан шу муддат ичида фуқаролар пулини қайтариш талаб этилади. Акс ҳолда лицензияни бекор қилиш масаласи кўриб чиқилади, - дейилган хабарда.

Шу фурсатдан фойдаланиб, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фуқароларни хусусий бандлик агентликлари билан шартнома имзолаган вақтда эътиборли бўлишга, шартнома шартларини тўлиқ ўрганиб чиқиш лозимлигини эслатади.