Куч – бирликда: “Марказ – 2019” халқаро ҳарбий ўқув машғулотларига старт берилди

“Ғурумсарой” полигонида Ўзбекистон ва Тожикистон ҳарбий бўлинмалари шартли равишда жанубий сарҳадларга суқилиб кирган террорчи гуруҳларга қарши ҳамкорликдаги ўқув машғулотларини ҳам ўтказилади.
Sputnik

“Ғурумсарой” полигонида “Марказ – 2019” халқаро ҳарбий ўқув машғулотларига старт берилди

16 сентябрь куни тожикистонлик ҳарбийларни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

17 сентябрь куни “Ғурумсарой” дала-ўқув майдонида Ўзбекистон ва Тожикистон ҳарбийлари иштирокидаги стратегик қўмондонлик штаб машғулотлари доирасидан ўрин олган “Марказ – 2019” ўқувига старт берилди.

Мадҳиялар садолари остида икки давлат байроқлари баланд кўтарилиб, майдонга ўзбекистонлик ва тожикистонлик ҳарбий хизматчилар саф тортишди.

Ўзбекистон Мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари, Қуролли кучлар бош штаби бошлиғи генерал-майор Павел Эргашев ушбу ўқув машғулотлари икки давлат ўртасидаги ҳарбий муносабатларнинг мустаҳкамланишига ҳамда жангавор тайёргарликни оширишда муҳим ўрин тутишини таъкидлади

Тожикистон Республикаси Қуруқликдаги қўшинлар қўмондонининг биринчи ўринбосари генерал-майор Ихтиёр Охунзода Неъматулло ҳам “Ғурумсарой” полигонида ташкиллаштирилаётган “Марказ – 2019” ўқув-машғулотларининг Ўзбекистон ва Тожикистон ҳарбийларининг ҳамкорлигида ташланган навбатдаги қадам бўлишини айтиб, тадбир ташкилотчиларига дўстона кутиб олиш тадбирлари учун ўз миннатдорчилиги билдирди.

Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони ўқув-машғулотларини расман очиқ деб эълон қилди ва икки давлат ҳарбийлари оркестр садолари остида шахдам қадамлар билан тантанали сафдан ўтишди.

Эслатиб ўтамиз, “Марказ – 2019” ўқув машғулоти доирасида Россияда бўлиб ўтадиган амалий ҳаракатлар билан бир вақтда Наманган вилоятида жойлашган “Ғурумсарой” полигонида Ўзбекистон ва Тожикистон ҳарбий бўлинмалари томонидан шартли равишда жанубий сарҳадларга суқилиб кирган террорчи гуруҳларга қарши ҳамкорликдаги ўқув машғулотлари ҳам ўтказилади.