ТОШКЕНТ, 17 сен – Sputnik. Ўзбекистон ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари полковник Азиз Анварович Тошпулатов бошчилигидаги ИИВ ишчи гуруҳи ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида Тожикистон Республикасига ташриф буюрди.
ИИВ хабарига кўра, Ўзбекистон ва Тожикистон Ички ишлар вазирликлари ўртасидаги Мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳининг йиғилиши ўтказилган.
Тадбир доирасида икки давлат ИИВ вакиллари томонидан терроризм, экстремизм, ноқонуний миграция, уюшган жиноятчилик ва қидирув фаолияти юзасидан икки томонлама ҳамкорликдаги ишларнинг бугунги ҳолати ва келажак истиқболлари, шунингдек, наркотик воситалар, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш йўналишида томонларнинг ўзаро ҳамкорлиги, уларни мукаммаллаштириш йўллари, йиғилиш якунини умумлаштириш масалалари ҳамда Мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилиш куни ва жойи муҳокама қилинди.
Йиғилиш якунида томонлар келишув ҳужжатини имзоладилар.
Шунингдек, Тожикистон Республикаси Ички ишлар вазири милиция генерал-полковниги Раҳимзода Рамазон Ҳамро Азиз Тошпулатовни қабул қилди.