Рулда ухлаб қолган ҳайдовчи икки пиёдани уриб юбориб, умрига зомин бўлди

Андижонлик 24 ёшли фуқаро “Lacetti” машинасини “Гулистон-Бўка-Ангрен-Қўқон-Андижон-Ўш” йўлининг 126-км.да бошқариб кетаётиб, ухлаб қолган. Оқибатда эса йўл четига чиқиб кетиб икки нафар пиёдани уриб юборган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 16 cен – Sputnik. Тошкент вилоятида ҳайдовчининг рулда ухлаб қолиши икки пиёданинг умрига зомин бўлди.

Тошкентда “Матиз” ҳайдовчиси уриб юборган йўловчи вафот этди

ИИВ хабарига кўра, 15 сентябрь куни андижонлик 24 ёшли Р.Р.  фуқаро “Lacetti” русумли автомашинасини Тошкент вилоятининг Оҳангарон тумани Ойбулоқ маҳалласи ҳудудидан ўтувчи “Гулистон-Бўка-Ангрен-Қўқон-Андижон-Ўш” йўлининг 126-км.да бошқариб кетаётиб, ухлаб қолган. Оқибатда эса йўл четига чиқиб кетиб пиёдалар, Бўка туманида яшаганлар 36 ёшли Ў.А. ва 34 ёшли Ш.Н.ларни уриб юборган.

“Натижада Ў.А. жароҳат олиб воқеа жойида вафот этган. Ш.Н. касалхонага ётқизилган ҳамда кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай вафот этган”, - дейилади хабарда.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.