Мирзиёев Россия Давлат думаси раисини қабул қилди

Вячеслав Володин Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлаш мақсадида парламентлараро алоқаларни кенгайтиришга интилиши қатъий эканини тасдиқлади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 16 сен — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерал Мажлисининг Давлат думаси раиси Вячеслав Володин бошчилигида делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.

Давлат раҳбари меҳмонларни самимий қутлар экан, олий даражадаги мунтазамлик касб этган самарали мулоқот Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларига мутлақо янги суръат бағишлаш, уларни аниқ мазмун билан бойитишга хизмат қилганини катта мамнуният билан қайд этди.

Володин: РФ ва Ўзбекистон парламентлари олдида умумий вазифалар ва чақириқлар турибди

Шу маънода Давлат думаси юксак даражали делегациясининг ушбу ташрифи кўп қиррали ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлашга икки томон ҳам интилаётганининг навбатдаги тасдиғидир.

Вячеслав Володин, ўз навбатида, самимий қабул учун Ўзбекистон президентига чуқур миннатдорлик билдирди ҳамда Россия Федерацияси президенти Владимир Путиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Учрашувда мамлакатлар ўртасида сиёсий мулоқотни янада ривожлантириш, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, илмий-техник, таълим, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Фаол парламентлараро мулоқотлар ва алмашинувларни, жумладан, Ўзбекистон ва Россия парламентлари палаталари ўртасида йўлга қўйилган ҳамкорлик механизмларидан самарали фойдаланган ҳолда давом эттириш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Нарбаева: Россия билан парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлашга қатъий қарор қилганмиз

Қонун ижодкорлиги фаолиятининг турли масалалари бўйича яқин шерикликни йўлга қўйиш, ҳудудлараро алоқалар ва истиқболли кооперация лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, икки ва кўп томонлама келишувлар, жумладан, халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида қабул қилинган битимларни амалга оширишга кўмаклашиш ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида қайд этилди.

Вячеслав Володин Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлаш мақсадида парламентлараро алоқаларни кенгайтиришга интилиши қатъий эканини тасдиқлади.