ТОШКЕНТ, 16 сен - Sputnik. Россия Федерал мажлиси Федерация кенгаши раиси Валентина Матвиенко Ўзбекистонга ташриф буюради. Бу ҳақда Sputnik мухбири хабар қилмоқда.
Ташриф октябрь ойининг илк кунларида амалга оширилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоеванинг Россия Давлат думаси раиси Вячеслав Володин билан бўлган учрашувида маълум қилинди.
Томонлар учрашувда икки мамлакат парламентлараро алоқаларини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш масалалари муҳокама этишди.
Шунингдек, МДҲ Парламентлараро ассамблеяси, Парламентлараро иттифоқ, ЕХҲТ Парламент ассамблеяси каби халқаро парламентлараро тузилмалар доирасида бундан буён ҳам ҳамкорлик қилишга тайёр эканига урғу берилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Танзила Норбоева РФнинг Ўзбекистондаги элчиси Владимир Тюрденев билан жорий йилнинг кузида Федерал мажлис Федерация кенгаши раиси Валентина Матвиенко бошчилигида Россия парламенти юқори палатаси делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш масалаларини кўриб чиқишгани хабар қилинган эди.