ТОШКЕНТ, 14 сен – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бугун Фарғона вилоятига ташриф буюриб Қўқон ва Марғилон шаҳарларини ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берди.
Шавкат Мирзиёев уй-жойлар қурилишига оид лойиҳаларни қайта кўриб чиқиш, Қўқон ва Марғилон шаҳарларини ривожлантириш бўйича беш йиллик режа қилиш зарурлигини таъкидлади.
- Аввало, қаерда қийинчилик борлигини ўрганиш, одамларнинг фикрини олиш керак, - деди Президент. - Аҳоли қачон қайси ҳудудда қурилиш бўлишини билсин. Уй-жой билан иш ўринлари мутаносиб бўлиши зарур. Фарғоналикларнинг ҳунармандчилик анъаналари, ҳудуд имкониятларини инобатга олиб, чарм-пойабзал, чинни, заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш ва бошқа турдаги корхоналар ташкил этиш мумкин, - деди президент.
Шунингдек Шавкат Мирзиёев “Қўқон” эркин иқтисодий зонасига ташриф буюриб у ерда инвестициялар жалб ўтиш бўйича лойиҳалар тақдимоти билан танишди.
Хусусан, Марғилон ва Қўқон шаҳарларига келаётган 3 йилда халқаро молия институтларининг 1 миллиард 354 миллион долларлик имтиёзли кредитлари йўналтириш режалаштирилган. Бу маблағ учта йўналишда – саноат ва тадбиркорликни ривожлантириш, инфратузилма объектларини модернизация қилиш ҳамда кўп қаватли уй-жойлар қуриш соҳаларида ўзлаштирилиши кўзда тутилган.