ТОШКЕНТ, 13 сен – Sputnik. Наманган вилоятида “ХХI асрда тиббиёт ва фармацевтикани ривожлантиришда инвестиция ва инновациянинг роли” мавзусида халқаро тиббиёт ва фармацевтика форуми иш бошлади. Бу ҳақда Sputnik Ўзбекистон мухбири хабар қилмоқда.
Форумда дунёнинг 30 дан зиёд давлатидан 150 нафар хорижий компаниялар вакиллари ва олимлар қатнашмоқда.
Форум давомида бешта йўналиш – эндокринология, кардиология, жарроҳлик, оналик ва болалик муҳофазаси ҳамда фармацевтика бўйича секция йиғилишлари ташкил этилади.
Форум доирасида кўплаб хорижий тадбиркорлар билан фармацевтикага оид меморандумлар имзоланиши кўзда тутилган.
14 сентябрь куни тиббиёт соҳасида таниқли шифокорлар иштирокида юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ўтказилади.
Шунингдек, Россиянинг Урал давлат тиббиёт университети ҳамда Наманган давлат университети ҳамкорликда ташкил этилган қўшма тиббиёт факультетининг очилиш маросими ҳам ўтказилади.