Ўзбекистон олий бўғин офицер кадрларни АҚШ билан бирга тайёрламоқчи

Томонлар кенг кўламли масалалар ва  АҚШ Миллий мудофаа университети ҳамда Ўзбекистон Қуролли Кучлари академияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик йўналишлари бўйича фикр алмашганлар
Sputnik

ТОШКЕНТ, 11 сен - Sputnik. Ўзбекистон Мудофаа вазири ўринбосари генерал-майор Азизбек Икрамов бошчилигидаги ҳарбий делегация АҚШга ташриф буюрди, деб хабар қилди Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти.

НАТО ҳарбийларининг тушига ҳам кирмаган - "Марказ-2019" аксилтеррор машғулотлари ҳақида

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси маълумотига кўра, ташриф доирасида 9 сентябрь куни генерал-майор Азизбек Икрамов АҚШ Миллий мудофаа университети президенти, вице-адмирал Фриц Ругге билан учрашган.  Ўзаро мулоқот мобайнида олий бўғин офицер кадрларини тайёрлаш, шунингдек, ҳарбий тадқиқотлар ўтказиш борасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишдан ҳар икки томон ҳам манфаатдор эканлиги таъкидлаб ўтилган.

Томонлар кенг кўламли масалалар ва  АҚШ Миллий мудофаа университети ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик йўналишлари бўйича фикр алмашганлар.

Делегацияси вакиллари Яқин Шарқ ва Жанубий Осиё Стратегик тадқиқотлар маркази (NESA) директори, истеъфодаги генерал-лейтенант Томас Вульф билан учрашган. Томонлар минтақавий хавфсизлик соҳасида тадқиқотлар ўтказиш масалалари бўйича ҳамкорликни янада чуқурлаштиришдан ўзаро манфаатдор эканликлари таъкидлаб ўтишган.

10 сентябрь куни Миссисипи штатидан АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси аъзоси Трент Келли, шунингдек, АҚШ Мудофаа вазирлиги вакили Амер Латиф билан учрашувлар бўлиб ўтган. Ўзаро мулоқот давомида томонлар ўзаро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш йўналишлари бўйича фикр алмашган.

Делегация аъзолари 11-13 сентябрь кунлари Пенсильвания штатининг Карлайл шаҳрида жойлашган АҚШ Қуруқликдаги қўшинлари Ҳарбий коллежига ташриф буюради.