“Марказ – 2019” ўқувларида ўзбек ҳарбийлари ош дамлашди - видео

“Марказ – 2019” стратегик қўмондонлик-штаб ўқувларида ўзбекистонлик ҳарбий ошпазлари ош дамлашди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 11 сен – Sputnik. “Марказ – 2019” стратегик қўмондонлик-штаб ўқувларида ўзбекистонлик ҳарбий ошпазлари ош дамлашди. Бу ҳақда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари  ҳарбий стратегик машғулотларда қатнашиш учун Россия Федерациясининг Оренбург вилоятидаги “Донгуз” полигонида қад кўтарган вақтинчалик ҳарбий шаҳарчага етиб келиб, ўзлари учун ажратилган чодирларга жойлашди.

Кун тартиби бўйича ҳаракат қилаётган ҳарбийлар биринчи куни ўзлари учун ажаратилган ҳудудни кўздан кечириб, дала шароитида яратилган ҳарбий шаҳарча билан танишди. Гуруҳ раҳбарлари томонидан яна бир бор техника хавфсизлик қоидалари эслатиб ўтилди.

Ўша куни ҳарбий ошпазлар томонидан ўзбек миллий таоми – ош дамланди.

“Таъкидлаш жоизки, ҳарбий ошпазларимиз половхонтўрани юртимиздан келтирилган масаллиқлардан тайёрлашди. Қолган кунлари эса дала шароитида белгиланган таомнома асосида олиб боришади”, - дейилган хабарда.

Эслатиб ўтамиз, ушбу стратегик қўмондонлик-штаб ўқувларида саккиз мамлакат – Россия, Қозоғистон, Хитой, Покистон, Ҳиндистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг ҳарбий контингенти иштирок этади.

Ушбу ўқувлар Марказий Осиё ҳудудида халқаро терроризмга қарши курашиш, реал жанг вазиятида топшириқларни ҳамкорликда бажаришда мамлакатлар қўшинларининг гуруҳ (куч)ларини самарали қўллаш борасида қўл келади. Шунингдек, мамлакатлар Қуролли Кучларининг миллий манфаатларини ҳимоя қилишга бўлган шайлиги яна бир бор синовдан ўтказилади.