Яқин қариндошлар ўртасида нотариал тасдиқланган автоишончнома бекор қилинди

Ўзбекистонда 2019 йил 1 октябрдан бошлаб яқин қариндошлар ўртасида нотариал тасдиқланган автоишончнома бекор қилинади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 10 сен – Sputnik. Ўзбекистонда 2019 йил 1 октябрдан бошлаб яқин қариндошлар ўртасида нотариал тасдиқланган автоишончнома бекор қилинади. Бу президент Шавкат Мирзиёев имзоланган “Ўзбекистон Республикасида нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгилаб қўйилган.

Машинадан фойдаланишда яқин қариндошлар учун ишончнома олишни бекор қилиш таклиф этилди

Бу ҳақда Адлия вазирлигининг "Ҳуқуқий ахборот" каналида хабар қилинди.

Фармон билан келаётган йилнинг 1 январидан эътиборан қурилиши тугалланмаган уй-жойларни сотишда ҳокимликларнинг рухсати, васийликдаги шахс номидан турар жойни ижарага (арендага) беришда васийлик ва ҳомийлик органининг розилиги талаб этилмайди.

Бир қатор нотариал ҳаракатларни мажбурий нотариал тасдиқлаш талаби бекор қилинмоқда.

“Хусусан, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб яқин қариндошлар ўртасида нотариал тасдиқланган автоишончнома бекор қилинади”, - дейилади фармон матнида.

Шунингдек, 2020 йил 1 январдан бошлаб корхонани ижарага, текин фойдаланишга бериш, бирламчи бозорда мол-мулкни лизингга бериш ва гаров (ипотека) шартномаларини мажбурий нотариал тасдиқлаш тартиби бекор қилинади.