Мирзиёев Тошкентдаги президент мактабини очди

“Сизларни шундай нуфузли мактабга муносиб бўлганингиз билан чин юрагимдан табриклайман. Сиз энди Ўзбекистоннинг “олтин фонди”сизлар”, - деди Шавкат Мирзиёев.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 10 сен – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 10 сентябрь куни Тошкент шаҳридаги президент мактабига ташриф буюрди.

Таъкидланишича, барча соҳаларда илғор тараққиёт йўлидан бораётган ва юксак марраларни қўяётган мамлакат учун ҳар томонлама етук кадрлар керак.

Ўзбекистонда ташкил этилаётган президент мактаблари янги авлод кадрларини тарбиялашда муҳим асос бўлади. Чунки бу ўқув масканлари иқтидорли болаларни аниқлаш, илғор технологияларни қўллаган ҳолда уларга сабоқ бериш ва тарбиялаш бўйича яхлит тизим бўлади. Таълим жараёни ривожланган давлатлар тажрибаси асосида ишлаб чиқилган ўқув режалари ва дастурлари бўйича инглиз тилида олиб борилади.

Мирзиёев Тошкентдаги президент мактабини очди

Шундай мактабларнинг биринчиси пойтахтда фойдаланишга топширилди. 168 ўринга мўлжалланган мактаб биноси ва ётоқхона, 15 ўринли ўқитувчилар меҳмонхонаси юксак даражада бунёд этилди.

Жорий йилда мактабнинг 5-10-синфлари учун ҳужжат топширган 7 мингга яқин ўқувчидан 144 нафари ўқишга қабул қилинди. Канаданинг “Teachaway” ва Буюк Британиянинг “TIC Recruitment” рекрутинг компаниялари билан ҳамкорликда мактабга 30 нафар чет эллик мутахассис танлаб олинди. Шунингдек, 72 нафар тажрибали ва малакали маҳаллий ўқитувчи ҳам жалб қилинди. Таълимда STEAM ёндашувига оид дарслик ва ўқув қўлланмалари олиб келинди.

Мирзиёев Тошкентдаги президент мактабини очди

Президент Шавкат Мирзиёев мактабда яратилган шароитлар билан танишди, ўқувчилар билан суҳбатлашди.

“Сизларни шундай нуфузли мактабга муносиб бўлганингиз билан чин юрагимдан табриклайман. Сиз энди Ўзбекистоннинг “олтин фонди”сизлар. Халқнинг, мамлакатнинг буюклигини тараннум этадиган нарсалар кўп. Лекин энг афзали билим билан намоён этиш. Ёшларимиз орасидан Хоразмийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар чиқишига барча асосларимиз бор”, - дея мурожаат қилди президент ёш авлодга.

Мирзиёев Тошкентдаги президент мактабини очди

Мирзиёев энди чет элдан келган нуфузли меҳмонларга катта-катта заводлар эмас, президент мактаблари кўрсатилишини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев президент мактабининг фахрий меҳмонлар китобига дастхат ёзиб қолдирди, мактабнинг илк ўқувчи ва ўқитувчилари билан суратга тушди.

Президент мактаблари жорий йилда Нукус, Хива ва Наманган шаҳарларида ҳам очилади. 2020 йилда Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида, 2021 йилда Андижон, Навоий, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида қурилиши режалаштирилган.