ТОШКЕНТ, 8 сен – Sputnik. Ўзбекистон ҳарбий контингенти “Марказ-2019” ўқувларида иштирок этиш учун етиб келди, деб хабар қилмоқда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.
“Кеча, 7 сентябрь куни Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий контингенти 16-21 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган “Марказ-2019” қўмондонлик-штаб стратегик ўқувларида қатнашиш учун Россия Федерациясининг Оренбург вилоятига етиб келди.
Юз нафардан ортиқ ҳарбий хизматчилар Ўзбекистон Ҳарбий-ҳаво кучларига қарашли икки дона С-295 ҳарбий транспорт авиациясининг самолётларида Россия Марказий ҳарбий округининг Оренбург вилоятидаги ҳарбий аэродромига қўнди”, - дейилган хабарда.
Меҳмонлар, рус урф-одатларига кўра, ҳарбий оркестр садолари остида илиқ кутиб олинди. Шу куннинг ўзида Ўзбекистон ҳарбий контингенти ўқув машқ шартлари доирасида яратиладиган шароитда штаб офицерлари ва ҳарбий хизматчиларнинг ҳамкорликда қўшин гуруҳларининг ҳаракатларини режалаштириш ва ташкил этиш бўйича вазифаларни бажариш учун Донгуз полигонига йўл олди.
Хабарда айтилишига кўра, ушбу ўқув машғулотлар жанговар тайёргарлик масалаларида тажриба алмашиш, Марказий Осиё ҳудудида вазиятнинг кескинлашишининг олдини олишда бошқарув органлари иш механизмининг ягона алгоритмини ишлаб чиқиш ҳамда биргаликда операцияларни бажаришда бўлинмалар ҳаракатланиш тартибини пухта режалаштириш учун хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, стратегик қўмондонлик-штаб ўқувларида саккиз мамлакат – Россия, Қозоғистон, Хитой, Покистон, Ҳиндистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг ҳарбий контингенти иштирок этмоқда.
Бир вақтнинг ўзида Ўзбекистондаги Ғурумсарой полигонида Ўзбекистон ва Тожикистоннинг бўлинмалари шартли террорчи гуруҳларини йўқ қилиш бўйича вазифаларни амалда бажаради.