Ўзбекистонда сув таъминоти тизими тубдан ислоҳ қилинади

Мирзиёев Молия вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига 2020 йил 1 январдан тарифларни хизматлар таннархини тўлиқ қоплаш ва модернизация харажатларини ҳисобга олган ҳолда белгилаш вазифасини топширди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 6 сен - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 5 сентябрь куни аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш бўйича устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

Мирзиёев охирги 2 йилда ичимлик суви ва канализация тизимини яхшилашга 2 триллион 400 миллиард сўм ажратилганини таъкидлаган.  Бу аввалги 10 йилда ажратилган жами маблағдан 2 баравар кўп демакдир. 

Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган йиғилишда қайд этилишича, 27 минг километр ёки 38 фоиз сув тармоқлари авария ҳолатида бўлса, 2 мингта ёки 20 фоиз сув насослари ишдан чиққан. Мамлакат шаҳарларининг фақат 79 тасида (57 фоиз) канализация тизими мавжуд, унинг ҳам 23 фоизи таъмирга муҳтож. 

Йиғилишда, шунингдек, бугунги кунда ичимлик суви ишлаб чиқариш ва тарқатиш иншоотларининг 85 фоизида ҳисобга олиш тизими мавжуд эмаслиги ҳам танқид қилинди. 

Тошкентда 24 августдан бошлаб совуқ сув нархи ошади

Жами 3 миллион 280 минг нафар сув истеъмолчидан атиги 44 фоизига, яъни 1 миллион 425 минг хонадонга ҳисоблагич ўрнатилгани соҳада ишлар сусткашлик билан амалга оширилаётганини кўрсатмоқда.

Ҳисоб-китобларга кўра, 2030 йилга қадар сув таъминотини шаҳарларда 98, қишлоқларда 85 фоизга, канализация тизимини 31 фоизга етказиш кўзда тутилган. Бунинг учун 4,5 миллиард доллар маблағ керак бўлади.

Аввало, тарифларни эркин бозор талаблари асосида белгилаш ва соҳага хусусий инвестицияларни жалб қилиш керак. Қолаверса, тоза ичимлик суви ишлаб чиқариш ва тарқатиш иншоотлари ҳамда истеъмолчиларни 2022 йил охирига қадар 100 фоиз ҳисоблагичлар билан таъминлаш лозимлиги қайд этилди.

“Шу мақсадда Молия вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига 2020 йил 1 январдан тарифларни хизматлар таннархини тўлиқ қоплаш ва модернизация харажатларини ҳисобга олган ҳолда белгилаш вазифаси юклатилди”, - дейилади хабарда.

Шунингдек, олис ва тоғли ҳудудлар аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш харажатларининг бир қисмини давлат томонидан қоплаб бериш тартиби жорий қилиниши белгилаб қўйилди.