Жиззахда “антиқа” усулда электр энергияси ўғирлангани фош этилди

Истеъмолчи қилмиши учун электр тармоғидан узилди ва 302 млн. сўм жаримага тортилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 5 сен - Sputnik. Жиззахда электр энергиясини ўғирлашнинг “антиқа” усули аниқланди.

Энергетика вазирлиги хабарига кўра, Жиззах шаҳридаги “Original Food Invest” МЧЖга қарашли умумий овқатланиш шохобчасида ўрнатилган “Мercury 230 ART” электр ҳисоблагичидаги ишлаб чиқарувчи заводнинг голографик муҳрига зиён етказилганлиги шубҳа ўйғотди.  Бу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида ушбу турдаги электр ҳисоблагичлар ишлаб чиқарувчининг Ўзбекистондаги вакили - “Neotech Group” МЧЖга мурожаат қилинди. Электр ҳисоблагичнинг стандарт талабларига мослиги текширилганда электр энергиясини ўғирлашнинг “антиқа” тури аниқланди.

"Ақлли ҳисоблагичлар" алдаяптими: энергетика вазири ўринбосари аниқ жавобни айтди

“Neotech Group” МЧЖнинг берган хулосасига кўра, “Original Food Invest” МЧЖ нинг электр ҳисоблагичдаги завод томонидан ўрнатилган голографик муҳр ва кафолат ёрлиғи бузилганлиги, энг муҳими - электр ҳисоблагичнинг ички хотира блоки алмаштириб, бошқа ҳисоблагичнинг ички хотира блоки ўрнатилганлиги ошкор бўлди”, - дейилади хабарда.  

Ушбу холат бўйича қоидабузарлик далолатномаси расмийлаштирилди. Истеъмолчи электр тармоғидан узилди ва 302 млн. сўм жаримага тортилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ қашқадарёлик бир тадбиркорнинг электр энергияси ҳисоблагичининг ички қисмига махсус қурилма (чип) ўрнатгани, ушбу қурилма пульт орқали бошқарилиб, қурилма ишга туширилган вақтда электр ҳисоблагич оқиб ўтаётган электр энергиясини ҳисобга олмаслиги билан ўғирлик содир этиб келгани хабар қилинган эди.