Ўзбек разведкачилари Қозоғистондаги "Олтин укки" мусобақасида куч синашмоқда

Мусобақа жорий йилнинг 28 августидан 6 сентябрга қадар Қозоғистондаги "Спасск" ўқув полигонида ўтказилади
Sputnik

ТОШКЕНТ, 29 авг - Sputnik. Ўзбекистонлик ҳарбийлар биринчи бор Қозоғистон Мудофаа вазирлигининг "Спасск" ўқув полигонида махсус резведка гуруҳлари ўртасида ўтказилаётган "Олтин укки — 2019" халқаро мусобақасида иштирок этмоқда, деб хабар берди Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти.

Ўзбек разведкачилари Қозоғистондаги "Олтин укки" мусобақасида куч синашмоқда

Мусобақа 28 августдан 6-сентябрга қадар Қозоғистон Мудофаа вазирлигининг "Спасск" ўқув полигонида махсус резведка гуруҳлари ўртасида ўтказилади.

Мусобақада 9 та жамоа иштирок этади, уларнинг 5 гуруҳи Қозоғистон Мудофаа вазирлиги махсус бўлинмалари бўлса, қолганлари Беларусь, Ҳиндистон, Россия ва Ўзбекистон мудофаа идоралари вакилларидир.

Мазкур халқаро мусобақага кузатувчи сифатида Италия, Бирлашган Араб Амирликлари, Сербия, Туркманистон, Туркия ва Хитой ҳарбий мутахассислари жалб этилган.

Ўзбек разведкачилари Қозоғистондаги "Олтин укки" мусобақасида куч синашмоқда

"Ўзбекистон жамоаси ушбу мусобақада биринчи бор қатнашаётганига қарамай, дастлабки босқичдаёқ яхши натижаларни кўрсатди. Биринчи босқич якунига кўра, Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги разведкачилари Қозоғистон ва Беларус жамоаларидан кейин 3-ўринни эгаллади", - деб хабар қилди вазирлик вакили.

Иштирокчилар мусобақа давомида узоқ масофага ҳаракатланиш, яширин ҳудудни тайёрлаш, қидирув ишларини олиб бориш, душман билан кутилмаган учрашувларда тактик ҳаракатлар, обектлар разведкаси ва уларни ишдан чиқариш, сувли тўсиқларни босиб ўтиш каби жами 12 та мураккаб босқичлардан ўтади.