Хоразмда халқаро физика ва математика мактаби очилади

Кейинги ўқув йилидан халқаро мактабнинг 7-синфига 60 нафар ўқувчи қабул қилинади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 29 авг – Sputnik. “Хоразм вилояти Шовот туманида Ал-Хоразмий номидаги “Халқаро  физика ва математика мактаби”ни ташкил этиш тўғрисида ҳукумат қарори тайёрланди.

“Хоразм вилояти, Шовот тумани, Комилжон Отаниёзов кўчаси, 65-уй манзилда жойлашган айрим фанлар чуқур ўрганиладиган 1-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатига Ал-Хоразмий номидаги “Халқаро физика ва математика мактаби” мақомини бериш;

бюджетдан ташқари Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармаси ва Хоразм вилояти маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан халқаро мактабни реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва қайта жиҳозлаш, шунингдек мактаб учун 20 ўринли меҳмонхона биносини қуриш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин”, - дейилган ҳужжатда.

Самарқандда яна бир олийгоҳнинг филиали очилади

Лойиҳада айтилишича, 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб халқаро мактабнинг 7-синфига 60 нафар ўқувчи қабул қилинади.

Халқ таълими вазирлигига халқаро мактабнинг моддий-техника базасидан, педагог кадрларнинг салоҳияти ҳамда эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда кейинги йилларда ўқувчиларни қабул қилиш квоталарига ўзгартириш киритиш ҳуқуқи берилади.

Халқаро мактабда хорижий мамлакатлар фуқаролари ҳисобланган тегишли фанларни ўзлаштиришга иштиёқли ва иқтидорли ўқувчиларни шартнома асосида таълим олишига имконият яратилади.

Халқаро мактабда ўқувчиларга янада чуқурроқ билим бериш, хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибаси ва ўқитиш методикасини татбиқ этиш учун хорижий мамлакатлардан ўқитувчиларни ишга қабул қилишга ҳамда аниқ ва табиий фанлар, шунингдек, чет тилларининг чуқур ўқитилишини таъминлаш мақсадида илғор хорижий мамлакатларнинг ўқув дастурларини татбиқ этишга русхат берилади.