ТОШКЕНТ, 28 авг – Sputnik. Бир неча ой олдин Яккабоғда ҳоким ўринбосарининг усга бензин сепиб ёқиб юборган тадбиркорнинг ўғли ўша воқеадан кейин нималар бўлганини сўзлаб берди. “Халқ сўзи” хабарига асосан.
Тадбиркор Баҳриддин Исамовнинг ўғли Шарофиддиннинг хабар қилишича, ҳокимият вакиллари тадбиркорга етказган зарарни ҳали тўлиқ қоплагани йўқ. Улар олдин ўзлари бузиб ташлаган нарсаларни жойига қўйишган холос.
“Кимдир дўконимизни ҳокимиятдан келиб таъмирлаб беришди, деган гапларни тарқатибди. Аслида ҳокимият одамлари ўзлари бузган нарсаларни жойига қўйишди, холос, - дейди Шарофиддин.
Шундан сўнг ҳам дўконни пардозлаш ишларига тадбиркор яна 20 миллион харажат қилишган. Ундан ташқари бузилиш вақти тадбиркор мулкига ҳам катта зарар етган. Уни Шарофиддин суд орқали ундириб олишга умид қилмоқда.
“Умуман, бизга ҳокимиятнинг муруввати керак эмас, ўзимизнинг кучимиз етади. Фақат ҳозир тергов ишлари давом этаётгани учун отамизни эҳтиёт чораси сифатида ҳибсхонада ушлаб туришибди. Падари бузрукворимиз уйга қайтса, шу ердан туриб ҳам тергов ишларида иштирок этса, адолатдан бўлар эди”, - дейди тадбиркорнинг ўғли.
Эслатиб ўтамиз, Яккабоғда бўлиб ўтган шов-шувли воқеалардан кейин туманда текширувлар ўтказилиб, ҳокимият ҳатти-ҳаракатлари ноқонуний экани аниқланган эди. Шундан сўнг вилоят ҳокими узр сўраган, Яккабоғ туман ҳокими ўринбосарига нисбатан жиноят иши очилган эди.