ТОШКЕНТ, 27 авг - Sputnik. Ўзбекистон ҳукумати Россиянинг бир қатор ҳудудлари билан меҳнат мигрантларига патент бериш тизимини Ўзбекистонда жорий этиш бўйича музокаралар олиб боришга қарор қилди. Бу ҳақида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилиш порталида жойлаштирилган янги қонун лойҳасида хабар қилинган.
“2020 йилнинг 1 мартига қадар Россия ҳудудлари раҳбарияти билан Россия Федерацияси ҳудудида меҳнат қилиш ҳуқуқини берувчи ҳужжат (патент) бериш ҳуқуқига эга бўлган муассаса ва ташкилотлар филиалларини Ўзбекистонда очиш тўғрисида музокаралар олиб борилсин”, - дейилган қонун лойиҳаси матнида.
Музокаралар олиб бориш учун истиқболли ҳудудлар рўйхатига Россиянинг 10та ҳудуди киритилган: Татаристон, Приморск ўлкаси, Санкт-Петербург, Красноярск, Новосибирск, Ростов, Ленинград ва Свердлов вилоятлари, шунингдек Ханты-Мансийск ва Ямало-Ненецк автоном округлари.
Шунингдек, ҳужжатда маҳаллий ҳокимиятлар ва таалуқли давлат муассасалари ана шундай Миграция марказлари ташкил қилишда, хусусан уларга биноларни бепул бериш ҳамда меҳнат мигрантларига ҳужжат тайёрлашда ёрдам кўрсатиши кераклиги айтиб ўтилган.
Эслатиб ўтамиз, ушбу йилнинг май ойида Урганчда бўлиб ўтган, Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлараро комиссиялари музокаралари давомида Ўзбекистон ҳудудида Миграция маркази очиш масаласи муҳокама қилинган эди.
Маълумот учун, бугунги кунда аҳолиси 33,5 миллион киши бўлган Ўзбекистоннинг 2,6 миллион фуқароси хорижий мамлакатларда меҳнат фаолияти олиб боради. Улардан 2 миллиони – Россия ҳудудида.