ТОШКЕНТ, 24 авг – Sputnik. Термиз шаҳрида “Ўзбекистон цивилизациялар чорраҳаси” конференцияси бўлиб ўтмоқда, деб хабар қилмоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Сўзга чиққан Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов Сурхондарё вилояти тарихи фақатгина бир мамлакат ёки халқнинг тарихи бўлиб қолмай, балки дунё халқлари тарихининг ажралмасмас қисми эканини қайд этди. Вилоят ҳокими Cурхон воҳаси узоқ ва бой тарихга эгалиги ва вилоятда 519 та маданий мерос ёдгорликлари мавжудлигини маълум қилди.
Шунингдек, академик Эдвар Ртвеладзе раҳбарлигида Кампиртепада олиб борилган тадқиқотлар натижаси ─ Оксиана Искандарияси ҳақида маълумотлар эълон қилиниши ва бу ҳеч кимни бефарқ қолдирмаслигини таъкидлади.
Конференция иштирокчилари Сурхондарё ҳудудидаги қадимги шаҳарчалар, қазишма ҳудудлари, тарихий ёдгорликларни бориб кўришади.
Ўзбекистонда 22-27 август кунлари “Ўзбекистон буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳаси: империялар, динлар, маданиятлар” маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтмоқда. Ҳафталик анъанавий “Шарқ тароналари” XII халқаро мусиқа фестивали билан якунига етади.