Назоратсиз қолдирилган болалар уйни ёқиб юбориши оқибатида 11 ёшли бола ҳалок бўлди

Ёнғинни бартараф этиш вақтида Қўшчинор кўчасида яшаган 2008 й.т. М.Р.нинг (ўғил бола) куйган ҳолдаги жасади топилган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 24 авг – Sputnik. Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳри Яккабоғ маҳалласида жойлашган уйларда ёнғин содир бўлди.

Марғилондаги ёнғинда ногирон аёл тириклайин ёниб кетди

ДЁХХ хизмати хабарига кўра, воқеа жойига 5 та асосий ва 1 та ёрдамчи ёнғин ўчириш техникалари жалб этилган. Биринчи бўлинмалар кўрсатилган манзилга соат 10:47 да етиб борган вақтда бир бирига туташ қурилган Қўшчинор кўчасидаги 33-уйнинг томи, ички қисми ва жиҳозлари ҳамда Учробот кўчасидаги 8-уйнинг том қисми ва дарвозахонаси очиқ аланга билан ёнаётганлиги маълум бўлган. Кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 11:25 да қуршаб олинган ва соат 13:05 да бартараф этилган.

Ёнғин оқибатида Қўшчинор кўчасидаги 33-уйнинг томи, шифти ва ички жиҳозлари 180 кв.метр майдонда ёниб, аланга қўшни хонадонларга тарқалиши натижасида Учработ кўчасидаги 8-уйниг томи, шифт қисми ва қисман ички жиҳозлари 100 кв.метр майдонда ҳамда 6-уйнинг том қисми 6 кв.метр майдонда ёниб зарарланган.

“Ёнғинни бартараф этиш вақтида Қўшчинор кўчаси 48-уйда яшаган 2008 й.т. М.Р.нинг (ўғил бола) куйган ҳолдаги жасади топилган”, - дейилади хабарда.

Уйда ёлғиз қолдирилган болаларнинг елим идишлардаги бензин олдида очиқ оловдан фойдаланиши ҳодисанинг тахминий сабаби сифатида кўриб чиқилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятида болалар шўхлиги ёнғинга сабаб бўлгани хабар қилинган эди.