ТОШКЕНТ, 22 авг - Sputnik. Uzcard маҳсулотлар ва хизматлар харид қилиш ҳамда ЙҲХББ жарималари ҳақида маълумот олиш ва уларни тўлаш учун мобил илова ишлаб чиқди, деб хабар қилмоқда компания матбуот хизмати.
“Йўл ҳаракати ҳавфсизлиги Бошбошқармаси хабарномалари янги хизмат тури MyUzcard мобил иловаси орқали фойдаланишга тақдим этилди. Ушбу хизмат тури ёрдамида мавжуд жарималардан хабардор бўлиш ва унга белгиланган тўловни онлайн тартибда амалга ошириш имконияти яратилди”, - дейилган хабарда.
Юқоридаги қулайликдан ташқари MyUzcard мобил иловасида маҳсулот ва хизматларга, жумладан, коммунал хизматлари, мобил алоқа, интернет, солиқ ва бошқа хизматларга тўловларни амалга ошириш ва қўшимча имкониятлардан фойдаланиш мумкин.
MyUzcard мобил иловаси қатор инновацион ечимларни қўллаб-қувватлайди. Масалан, картадан картага пул маблағини ўтказиш жараёни сезиларли даражада соддалаштирилган, яъни пул маблағларини юбориш вақтида қабул қилувчининг карта рақамларини билиш шарт эмас. Ушбу мобил илова орқали картанинг @Username ва QR кодлари генерация қилинади ҳамда уларни қўллаган ҳолда пул маблағини бошқа картага ўтказиш имконияти мавжуд.
Қўшимча имкониятлар қаторида молиявий ҳолатни “Тўловлар тарихи” функцияси орқали самарали бошқариш ва мамлакатдаги валюталар курси билан доимий равишда танишиш таклиф этилган.
Таъкидлаш жозки, MyUzcard мобил иловаси нафақат маҳаллий Uzcard карталарини, балки Uzcard-UnionPay кобейджинг карталарини ҳам қўллаб-қувватлайди. MyUzcard мобил иловасини AppStore ва Google Play орқали юклаб олиш мумкин.