Ички ишлар ходими жисмоний куч ишлатишга ҳақлими?

Агар ички ишлар ходими зиммасига юклатилган мажбуриятларни куч ишлатмасдан туриб бажаришининг иложи бўлмаса, у айрим ҳолларда куч ишлатиши мумкин.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 21 авг - Sputnik. Ўзбекистон Адлия вазирлиги ички ишлар ходими қайси ҳоллардан куч ишлатишга ҳақлиги борасида эслатма билан чиқди.

Қонунчиликка кўра, агар ички ишлар ходими зиммасига юклатилган мажбуриятларни  куч ишлатмасдан туриб бажаришининг иложи бўлмаса, у қуйидаги ҳолларда куч ишлатиши, жумладан, курашнинг жанг усулларини қўллаши мумкин:

  • жиноятларга ва маъмурий ҳуқуқбузарликларга чек қўйиш учун;
  • жиноятлар ёки маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этган шахсларни энг яқиндаги ички ишлар органига ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга олиб бориш ва бу шахсларни ушлаб туриш учун;
  • ички ишлар органи ходимининг қонуний талабларига қаршилик кўрсатилишини бартараф этиш учун.

Жисмоний куч ишлатилиши шахсларнинг хатти-ҳаракатлари хусусиятига ва хавфлилик даражасига мувофиқ бўлиши керак.

Ўзбекистонда ҳокимият вакилига нисбатан зўрлик ишлатганлар қандай жазоланади?

Жисмоний куч ишлатилганлиги ва махсус воситалар қўлланилганлиги натижасида шахсларнинг ҳаётига, соғлиғига ёки мол-мулкига зарар етказилган ҳар бир ҳолат ҳақида ички ишлар органлари прокурорга дарҳол хабар бериши шарт.