Сўм яна антирекорд ўрнатди – Ўзбекистон валюта курслари

Марказий банк хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан янги қийматини белгилади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 20 авг – Sputnik. Марказий банк хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан 21 августдан бошлаб янги қийматини белгилади.

Марказий банк бундан кейин валюта сотиш ва сотиб олиш нархларини белгиламайди

Доллар курси ўтган ҳафтага нисбатан 323,00 сўмга кўтарилиб, 9 384,00 сўм ташкил қилди.

Евро ҳам 301,58 сўмга ошди ва 10 393,72 сўмни ташкил қилди.

Россия рубли 1,67 сўмга кўтарилди ва 140,14 cўмни ташкил қилди.

Бундан аввал, Ўзбекистон Марказий банки мамлакатда доллар билан боғлиқ вазият бўйича тушунтириш берганди. Унга кўра, 20 август санасидан бошлаб тижорат банклари томонидан доллар сотилиши йўлга қўйилган. Чет эл валютасини валюта айрибошлаш шохобчаларида сотиб олиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 9 август куни доллар курси 177,13 сўмга кўтарилиб, 8 882,00 сўм ташкил қилган эди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Марказий банки ички валюта бозоридаги вазият бўйича баёнот бериб доллар курси ошишига ташқи ва ички омилларни сабаб қилиб кўрсатган эди.

Жумладан, жорий йил июл ойидан бошлаб, Ўзбекистоннинг асосий савдо шериклари бўлган баъзи мамлакатларда (Россия, Қозоғистон ва Хитой) миллий валюталарнинг қадрсизланиши тенденцияси кузатилмоқда, бу ўз навбатида, ички валюта бозоримиз иштирокчиларининг алмашув курси бўйича кутилмалари ва қарорлар қабул қилиш жараёнига маълум даражада таъсир кўрсатмоқда.

Ички омиллар, асосан импорт қилувчи хўжалик юритувчи субъектлар томонидан хорижий валютага бўлган талабнинг ўсиб бориши билан боғлиқлиги кўрсатилганди.