Тошкентда аҳолини рўйхатга олиш қандай амалга оширилади?

Ўзбекистонда 2022 йилда ўтказиладиган аҳолини рўйхатга олиш давомида барча ҳудудларда яшаётган аҳоли сони, ёши, миллати, жинси, яшаш шароити қайд этилади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 18 авг – Sputnik. Тошкентда аҳолини рўйхатдан ўтказиш уч босқичда амалга оширилади, деб хабар қилмоқда шаҳар ҳокимияти матбуот хизмати.

Ўзбекистонда 30 йилда илк бор аҳолини рўйхатга олиш ўтказилади

Кеча Тошкент шаҳар ҳокимлигида статистика қўмитаси ва туман ҳокимлари иштирокида ушбу мавзуга бағишланган видеоконференция бўлиб ўтди. Мажлисда  ушбу сўровни ўтказиш усуллари, туманларда кўнгиллилар фаолиятига бағишланган ўқув семинарлари ўтказиш ҳақида келишиб олинди.

Хабарда айтилишига кўра, умумхалқ аҳолини рўйхатга олиш жараёни уч босқичда ўтказилади: сўровга тайёргарлик ва ташкилий ишлар (2-3 йил давомида), бевосита сўровни ўтказиш (40-60 кун ичида), жамланган маълумотларни ахборот базасига киритиш (2-3 йил давомида).

Сўров натижасида барча ҳудудларда яшаётган аҳоли сони, ёши, миллати, жинси, яшаш шароити қайд этилади ва умумий ижтимоий демографик вазиятни акс этувчи ягона ахборот базаси яратилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республика Президентининг 2019 йилнинг 5 февралида имзоланган фармонига кўра 2022 йилда аҳолини рўйхатга олиш амалга оширилади. Айни дамда барча вилоятларда ушбу тадбирга тайёргарлик жараёни олиб борилмоқда.