Ҳабиб Нурмагомедов: “Конор қамоқда ўтириши керак”

Ҳабиб Нурмагомедов кекса кишининг юзига тарсаки туширган Конор Макгрегорнинг хатти-ҳаракатини қаттиқ қоралади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 16 авг — Sputnik. Россиялик UFC чемпиони Ҳабиб Нурмагомедов майхонада вискисини ичишдан бош тортган кекса кишининг юзига тарсаки туширган Конор Макгрегор хатти-ҳаракатига ўз муносабатини билдирди.

Ғазабланган Конор Макгрегор кекса кишининг юзига тарсаки туширди - видео

Ҳабиб TMZ Sports нашрига берган интервьюсида Конорни бу каби қилиқлари учун қамоққа олиш кераклигини маълум қилди.

“Конорга ўхшаганлар қамоқда ўтиришлари керак. У ҳеч кимни ҳурмат қилмайди. Бу спорт учун яхши эмас. Унинг айрим ҳаракатлари, шубҳасиз, спорт учун фойдали, аммо бу кабилари эмас. У ақлдан озмоқда. Бу ақлдан озганликнинг ўзгинаси. Ҳукумат Конорнинг чорасини кўриши лозим. Бу менинг фикрим. Чунки бу видеони кўргандан кейин жуда ғазабландим. Мен қандай қилиб кекса кишига қўл кўтариш мумкинлигини тушунмайман. Бугун у қари чолни уради, эртага нима бўлади?”, - дея ғазабини яширмади Ҳабиб Нурмагомедов

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Конор Макгрегор Дублиндаги майхоналардан бирида кекса ёшдаги кишининг юзига тарсаки туширгани хабар қилинган эди. Бунга унинг Конорнинг Proper 12 брендли вискисини ичишдан бош тортган сабаб бўлган.