Мирзиёев Хавфсизлик кенгаши йиғилишини ўтказди

Йиғилишда кейинги йилларга мўлжалланган ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг асосий вазифалари белгилаб олинди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 16 авг - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 15 август куни Хавфсизлик кенгашининг мамлакат ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятининг асосий натижалари ва истиқболдаги устувор йўналишларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

ШҲТнинг навбатдаги саммитида хавфсизлик ва ривожланиш – асосий мавзу бўлади

Тадбирда Олий Мажлис палаталари, президент администрацияси, вазирлар маҳкамаси, ДХХ, миллий гвардия, бош прокуратура, ташқи ишлар, инвестициялар ва ташқи савдо, мудофаа, ички ишлар вазирликлари, ДХХ чегара қўшинлари, мудофаа саноати давлат қўмитаси, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ раҳбарлари ва президент ҳузуридаги хавфсизлик кенгаши котиби иштирок этди.

Йиғилишда мамлакатнинг хорижий ҳамкорлар билан биргаликда эришилган амалий натижалар, глобал тенденциялар, шунингдек, жаҳон ва минтақада барқарорлик ва хавфсизликка таҳдид солаётган замонавий хатарлар кўриб чиқилди. Кейинги йилларга мўлжалланган ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг асосий вазифалари белгилаб олинди.

Савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳаларда эришилган келишувларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши устидан, жумладан, парламент томонидан қатъий назоратни таъминлаш зарурлиги таъкидланди.

Ўзбекистоннинг БМТ, ШҲТ, МДҲ, ИҲТ каби нуфузли халқаро ташкилотлар фаолиятидаги иштирокига алоҳида эътибор қаратилиб, ушбу тузилмалар доирасида мамлакат ташаббусларини илгари суришга доир вазифалар белгиланди.

Йиғилишда шу давргача амалга оширилган ишлар танқидий баҳоланди ҳамда мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларига ҳамкор давлатлар билан ўзаро манфаатли мулоқотни йўлга қўйишни давом эттириш, шунингдек, икки ва кўп томонлама алоқалар доирасида миллий манфаатларни таъминлаш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.