“Фориш” полигонида “Ҳарбий-тиббий эстафета” халқаро танлови ғолиблари тақдирланди

Ўзбекистонда “АрМИ-2019” доирасида ўтказилган “Ҳарбий-тиббий эстафета” халқаро танлови якунланди. Ўзбекистон жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 16 авг — Sputnik. “Фориш” тоғ полигонида V Халқаро армия ўйинлари доираси Ўзбекистонда илк маротаба ўтказилган “Ҳарбий-тиббий эстафета” танлови ўз ниҳоясига етди. Ўзбекистон ҳарбийлари биринчи ўринни қўлга киритди. Бу ҳақда Sputnik Ўзбекистон мухбири воқеа жойидан хабар қилди.

“Ҳарбий-тиббий эстафета” танловининг финал босқичида “Халқаро танлов ғолиби” номинацияси бўйича умумжамоа ҳисобида Қозоғистон иккинчи, Россия эса учинчи ўринни эгаллади.

Ғолиблар қимматбаҳо совғалар, жумладан, Gentra автомобили билан тақдирландилар. Тақдирлаш маросимида Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев, Ўзбекистон мудофаа вазирининг ўринбосари генерал-майор Азизбек Икрамов иштирок этди.

Индивидуал мусобақаларда Ўзбекистон яхши кўрсатгичларга эришди. Масалан, Лилия Манасипова тўсиқлардан ўтишда рекорд ўрнатди.

“Ҳарбий-тиббий эстафета” халқаро мусобақасининг тантанали ёпилиш маросими концерт дастури ва мушакбозлик якунланди.

Эслатиб ўтамиз, 4—15 август кунлари Ўзбекистонда илк бор Халқаро армия ўйинларининг “Ҳарбий-тиббий эстафета” йўналиши бўйича халқаро мусобақа ўтказилди. Қизиқарли баҳс ва мунозараларга тўла бўлган 12 кун давомида 11 та давлатнинг 200 нафарга яқин ҳарбий-тиббиёт мутахассислари нафақат юқори малака ва маҳоратларини намойиш қилишди, балки ҳарбий биродарлик ва дўстона муносабатларни ҳам кўрсатишди.