Россияда самолёт фавқулодда қўнди: 233 кишининг ҳаёти сақлаб қолинди

Россияда “Уральские авиалинии” авиакомпаниясининг “Жуковский – Симферополь” йўналиши бўйича парвозга кўтарилган самолёти двигателларига қушлар тушгани туфайли фавқулодда қўнишга мажбур бўлди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 15 авг - Sputnik. Россияда “Уральские авиалинии” авиакомпаниясининг “Жуковский – Симферополь” йўналиши бўйича парвозга кўтарилган самолёти двигателларига қушлар тушгани туфайли фавқулодда қўнишга мажбур бўлди. Бу ҳақда РИА Новости хабар қилмоқда.

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳаво кемаси бортида 226 нафар йўловчи ва 7 нафар экипаж аъзоси бўлган. Москва вилояти ФВВ маълумотларига қараганда, мазкур ҳодиса оқибатида 10 киши жабрланган, улардан уч нафари болалар.

“Урал авиакомпанияси экипаж аъзолари ўзларининг маҳорат ва матонатларини намоён этишди. Ҳаво кемаси командири – екатеринбурглик Дамир Юсупов. У ва унинг жамоаси 233 кишининг ҳаётини сақлаб қолди. Қаҳрамонлар”, - дея ёзган Свердлов вилояти ҳокими Евгений Куйвашев Instagram саҳифасида.