Ўзбекистонда бир доллар 9 минг сўмга етди

Бугундан бошлаб Ўзбекистон банклари доллар харид қилиш планкасини 8940 сўм, сотиш курсини эса - 9 минг сўм қилиб белгилади
Sputnik

ТОШКЕНТ, 13 авг - Sputnik. Ўзбекистонда тижорат банклари АҚШ доллари курсини кўтарди. Бугунги кунда бир доллар 9 минг сўмга етди.

Ўзбекистонда доллар курси нега кескин ошди? - Марказий банк баёноти

Бугундан бошлаб Ўзбекистон банклари доллар харид қилиш планкасини 8940 сўм, сотиш курсини эса - 9 минг сўм қилиб белгилади.

Эслатиб ўтамиз, 9 август куни берилган расмий маълумотга кўра, доллар курси ўтган ҳафтага нисбатан 177,13 сўмга кўтарилиб, 8 882,00 сўм ташкил қилган эди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Марказий банки ички валюта бозоридаги вазият бўйича баёнот бериб доллар курси ошишига ташқи ва ички омилларни сабаб қилиб кўрсатган эди.

Жумладан, жорий йил июл ойидан бошлаб, Ўзбекистоннинг асосий савдо шериклари бўлган баъзи мамлакатларда (Россия, Қозоғистон ва Хитой) миллий валюталарнинг қадрсизланиши тенденцияси кузатилмоқда, бу ўз навбатида, ички валюта бозоримиз иштирокчиларининг алмашув курси бўйича кутилмалари ва қарорлар қабул қилиш жараёнига маълум даражада таъсир кўрсатмоқда.

Ички омиллар, асосан импорт қилувчи хўжалик юритувчи субъектлар томонидан хорижий валютага бўлган талабнинг ўсиб бориши билан боғлиқлиги кўрсатилганди.