Самарқандда ҳайдовчини жароҳатлаб, автомашинани олиб қочган йўловчилар қўлга олинди

Самарқандда Nexia ҳайдовчисига тан жароҳати етказиб, автомашинани ҳайдаб қочган икки шахс қўлга олинди. Улардан бири муқаддам судланган 20 ёшли йигит бўлиб чиқди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 12 авг — Sputnik. Самарқандда Nexia ҳайдовчисига тан жароҳати етказиб, автомашинани ҳайдаб қочган икки шахс қўлга олинди.

ИИВ хабарига кўра, 11 август икки нафар номаълум шахс Пастдарғом туманида яшовчи 25 ёшли Ж.Б.нинг Nexia русумли  автомашинасига йўловчи сифатида ўтирганлар. Пастдарғом тумани Жума шаҳри Тўрттом маҳалласи ҳудудига етиб келганларида улар ҳайдовчига тан жароҳати етказиб, уни автомашинадан зўрлик ишлатиб тушириб юборганлар. Сўнгра автомашинани ҳайдаб қочиб кетганлар.

Тошкентда Mazda 3 машинасини ўғирлашда гумон қилинган икки шахс қўлга олинди

Олиб борилган қидирув ишлари натижасида автомашина Элбек маҳалласи ҳудудидан олд чап томон ғилдираги ёрилган ҳолда топилган.

“Кўрилган чоралар натижасида ушбу жиноятни Тўрттом маҳалласида яшовчи, муқаддам судланган 20 ёшли М.О. ва Нуробод тумани Барака кўчасида яшовчи 24 ёшли Х.Н.лар содир этганликлари аниқланиб, ушланганлар”, - дейилади хабарда.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда Mazda 3 машинасини ўғирлашда гумон қилинган икки шахс қўлга олингани хабар қилинган эди.