Экспорт, инвестиция ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш масалалари муҳокама қилинди

Мирзиёев экспортни ошириш ва инвестиция жалб қилиш бўйича топшириқлар берди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 12 авг – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 12 август куни иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларнинг экспорт салоҳиятини ошириш ва улардан самарали фойдаланиш, инвестицияларни, аввало, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва ўзлаштириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш кўламини кенгайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. 

Ер ажратишга “рухсат берувчи” идоралар сонини қисқартириш керак - Мирзиёев

Йиғилишда “Ўзтўқимачиликсаноати” уюшмаси, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси ҳамда Тошкент шаҳри, Фарғона, Андижон ва Тошкент вилоятларида экспортни кўпайтириш бўйича мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётгани кўрсатиб ўтилди. Мутасадди раҳбарлар экспортёрларнинг муаммолари билан тизимли шуғулланмаётгани, давлат томонидан яратилган имкониятларни тадбиркорларга етказиб, уларнинг ташқи бозорга чиқишига кўмаклашмаётгани танқид қилинди. 

Инвестициялар ва ташқи савдо вазири бошчилигида ташкил этилган Ҳудудлар ва тармоқларнинг экспорт салоҳиятини ошириш бўйича Республика комиссияси корхоналар вакиллари ва тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказиб, уларни экспорт фаолиятига жалб этиши, бу борадаги муаммоларини ҳал этиш, халқаро стандартларни жорий қилиш ва сертификациядан ўтказиш бўйича ёрдам бериши зарурлиги таъкидланди. 

“Экспорт имкониятларимиз кўп. Хусусан, пахта толаси ва мева-сабзавотни қайта ишлаш мамлакатимизнинг ривожланиш нуқталаридан бири бўлиши керак. Шу орқали экспортни кўпайтирамиз ва янги иш ўринларига эга бўламиз,” – деди Шавкат Мирзиёев.  

Белгиланган чора-тадбирларни муддатида бажариш ва бунинг ҳисобига мева-сабзавот экспортини 2021 йилда 2 баробар ошириш зарурлиги таъкидланди. Такрорий майдонларга экспортбоп экинлар экиш, айниқса, дуккакли маҳсулотларни экспортга кўпроқ чиқариш муҳимлиги қайд этилди. 

Россия компаниялари Фарғона вилоятига юз миллион долларлик инвестиция киритади

Хорижга ташрифлар ҳамда халқаро кўргазмалар доирасида имзоланган экспорт шартномаларининг бажарилиши, октябрь ойида “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” номли халқаро кўргазма ўтказилишига оид масалаларга ҳам эътибор қаратилди.    

Экспортёрларнинг хориждаги савдо уйлари устав капитали миқдорини ошириш юзасидан таклифлар билдирилди.

Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш суст кечаётган тармоқлар раҳбарлари мавжуд ҳолат сабаблари ва бу борадаги ишларни жадаллаштириш режалари тўғрисида ҳисобот берди. 

Таҳлилларга кўра, охирги 10 йилда ишга туширилган 40 тага яқин йирик корхона қувватларидан тўлиқ фойдаланилмаяпти. 

Вазирлар Маҳкамаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига инвестиция дастурлари доирасида ишга туширилган корхона ва объектлар фаолиятини таҳлил қилиб, кам қувватда ишлаётганларини лойиҳа параметрларига олиб чиқиш бўйича кўрсатмалар берилди. 

Фарғонада халқаро инвестиция форуми иш бошламоқда

Йиғилишда 2020-2022 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурини шакллантириш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Дастурга, аввало, олий даражадаги ташрифлар доирасида имзоланган 650 га яқин келишувларга мувофиқ ишлаб чиқилган аниқ лойиҳаларни, шунингдек, нефть-газ хомашёсини чуқур қайта ишлаш, муқобил энергетика, машинасозлик, электр техникаси, қурилиш материаллари, агросаноат каби юқори технологияли тармоқлардаги лойиҳаларни  киритиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Видеоселекторда маҳаллийлаштиришни кенгайтириш масаласи таҳлил қилинди. Айрим тармоқ ва ҳудудларда маҳаллийлаштириш бўйича ишлар ўз ҳолига ташлаб қўйилгани танқид қилинди. 

“Шунча шароит яратяпмиз, технологиялар олиб келяпмиз. Жойлардаги раҳбарлар эса ўзини қийнамай, маҳаллийлаштириш устида ишлаш ўрнига осонгина импорт қилишга ўрганган,” – деди президент.

Ўзбекистонда молибденнинг 1,1 фоизи, табиий газнинг 12 фоизи, рухнинг 21 фоизи, миснинг 25 фоизи, мева-сабзавотларнинг 20 фоизи, ип-калаванинг 46 фоизи қайта ишланмоқда, холос. Агар бу хомашёлар чуқур қайта ишланса, қўшилган қийматни 5 бараваргача ошириш мумкинлиги таъкидланди. 

Вазирлар Маҳкамасига барча тармоқ ва ҳудудлар корхоналарида маҳаллийлаштирилган товар ишлаб чиқариш ҳажмини келгуси икки йилда камида 20 фоизга ошириш, импорт улуши юқори бўлган товарларни маҳаллийлаштириш бўйича дастур тайёрлаш вазифаси қўйилди.

Ҳисоб палатаси таркибида маҳаллийлаштиришни кенгайтириш масалаларини таҳлил қиладиган бўлинма ташкил этиш зарурлиги қайд этилди. 

Видеоселекторда тармоқлар ҳамда ҳудудлар раҳбарларининг ҳисобот ва таклифлари эшитилди.