Миржалол Қосимов: Ўзбекистон чемпионатида VAR тизимини татбиқ этишга ҳали эрта

Олмалиқнинг “ОКМК” клуби бош мураббийи Миржалол Қосимов нима учун Ўзбекистон чемпионатида VAR тизимини қўллашга ҳали эрта эканлигини айтди. Шунингдек, у мамлакат миллий терма жамоаси бош мураббийи Эктор Купер ишига баҳо берди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 11 авг — Sputnik. Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионатида  VAR (Video assistant referee), яъни ҳакамнинг видео кўмакчиси тизимини қўллашга ҳали эрта, деб ҳисоблайди “ОКМК” клуби бош мураббийи Миржалол Қосимов

“Майдонлар мос бўлиши керак. Ана ўшанда футбол умуман бошқача бўлади”, - деди Қосимов Sputnik Ўзбекистон мухбирига. – Айтганларидек, step by step: қадамма-қадам олдинга қараб ривожланамиз”.

Эктор Купер: “Ҳеч бир рақибга беписандлик билан қараб бўлмайди”

Шунингдек, у миллий терма жамоа бош мураббийи Эктор Купер иши ҳақида ҳам бир неча оғиз фикр билдирди. Шу билан бирга, у бир тарафдан туриб бировнинг ҳаракатига изоҳ бериш осонлиги, шунинг учун буни ёқтирмаслигини таъкидлади.

“Купер профессионал, бироқ Осиё Кубогида омади келмади, - деди у. Жаҳон футболида хорижий мураббийларни таклиф қилиш амалиёти тез-тез учраб туради. Лекин бизнинг ҳам ишлаши ва натижа кўрсата олиши мумкин бўлган мутахассисларимиз бор”.

“Пахтакор”нинг собиқ машҳур ҳужумчиси Миржалол Қосимов 2006 йилда мураббийлик фаолиятини бошлаган. У дастлаб Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси мураббийининг ёрдамчиси сифатида, кейин “Бунёдкор” жамоаси мураббийи сифатида муваффақиятли фаолият юритган. 2018 йилнинг декабрь ойида Қосимов “ОКМК” жамоасининг бош мураббийи лавозимига тайинланган.