ТОШКЕНТ, 9 авг - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 8 август кунининг охирида Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар берди президент матбуот-хизмати.
Давлат раҳбарлари сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар. Мулоқотда Қирғизистонда тинчлик ва барқарорликни сақлаш муҳим экани алоҳида қайд этилди. Мирзиёев қўшни мамлакатдаги вазият амалдаги қонунчилик доирасида тез орада барқарорлашишига умид билдирилди.
Томонлар шунингдек Ўзбекистон-Қирғизистон Давлат чегарасини ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштириш масалалари бўйича яқиндан ҳамкорлик қилиш ҳамда Чегарада ишонч чоралари тўғрисидаги шартномага мувофиқ унинг хавфсизлигини мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидладилар, кенг кўламли ҳамкорликни янада фаол ривожлантириш, дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шерикликка асосланган икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш борасидаги интилиши қатъий эканини тасдиқладилар.
Қирғизистонда мамлакатнинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаевнинг қўлга олингач, мана икки кун давомида зиддий ҳолат сақланиб турмоқда. 7 август куни кечқурун республика ГНКБ спецнази собиқ президентнинг Кой-Таш посёлкасидаги қароргоҳини штурм қилишга ҳаракат қилди, аммо операция бой берилди. Атамбаевнинг тарафдорлари нафақат штурмга қаршилик кўрсата олишди, балки бир неча спецназларни асир олишга ҳам муваффақ бўлдилар.
Эртаси куни, яъни 8 август санасида Қирғизистон парламентининг фавқулодда йиғилиши бўлиб ўтди ва унда куч тузилмалари ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилди, шунингдек, собиқ давлат раҳбари ва қурол ёрдамида қаршилик кўрсатган унинг тарафдорларига қарши айбловлар илгари сурилди. Қароргоҳи иккинчи марта штурм қилингач, Атамбаев ҳукуматга таслим бўлди ва айни вақтда Қирғизистон ГНКБ тергов қўмитасида сақланмоқда. Собиқ президент тарафдорлари Бишкек марказида митинг уюштиришга ҳаракат қилдилар, аммо тартибни сақлаш кучлари томонидан ушбу ноқонуний акциянинг олди олинди.
Атамбаев қароргоҳи олдида полициячилар билан юз берган тўқнашув давомида умумий ҳисобда 90 га яқин киши жабрланди. Спецназ қўшинларидан бири ўқ билан яраланиши оқибатида ҳалок бўлди.
Илгарироқ, Ўзбекистон ДХХ матбуот-хизмати ўзбек-қирғиз чегарасида ҳолат стабил эканлиги, ўтказув пунктлари ва чегара чизиғида ишлар белгиланган тартибда кетаётганини маълум қилган эди.
Мамлакатдаги мураккаб ҳолатга қарамай, Евроосиё ҳукуматлараро кенгаши йиғилиши Чолпон-Ота шаҳрида ўтказиладиган бўлди. Ушбу учрашувда иштирок этиш учун Бишкекка етиб келган РФ бош вазири Дмитрий Медведев Россия ушбу ҳолатни диққат билан кузатиб бораётганини айтган ва можаро қонуний йўл билан ҳал этилишига умид билдирган эди.