ТОШКЕНТ, 7 авг – Sputnik. Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев вилоятда зарбдор бир йиллик эълон қилинганини маълум қилди. Бу ҳақда Sputnik Ўзбекистон мухбири хабар қилди.
“Фарғона вилоятида 2019 йилнинг май ойидан 2020 йилнинг май ойига қадар хорижий инвестицияларни кескин ошириш ва саноатни ривожлантириш бўйича зарбдор бир йиллик эълон қилинди”, - деди Шуҳрат Ғаниев.
Ҳокимнинг маълум қилишича, бир йил ичида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳажмини ошириш борасида янгича услубларни қўллаш, хорижий сафарларни пухта режалаштириш, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан оқилона фойдаланиш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш вазифалари белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, Фарғона шаҳрида халқаро инвестиция форуми иш бошлади. Форумда Жанубий Корея, Хитой, Саудия Арабистони, Россия, Эрон, Туркия, Беларусь каби 28 та давлатнинг йирик инвесторлари иштирок этмоқда. Форум давомида Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги элчихоналари билан биргаликда вилоятга тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб килиш бўйича келишувлар имзоланиши кўзда тутилган.