Журналистнинг фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик киритилиши мумкин

Ўзбекистонда журналистнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун маъмурий жавобгарлик киритилиш таклиф қилинди. Шунингдек, блогерларга журналистлар каби ҳуқуқларни бериш режалаштирилмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 4 авг - Sputnik. Ўзбекистон президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) журналистнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик киритиш ва блогерларга журналистлар каби ҳуқуқларни бериш кўзда тутилган қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди.

Журналистнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилиш, унинг сўрови асосида ахборотни (ҳужжатларни) тақдим этмаслик, ўз вақтида тақдим этмаслик ёхуд била туриб ёлғон ёки нотўғри ахборот тақдим этишда ифодаланади. Шунингдек, журналистга босим ўтказиш, унинг журналистлик фаолиятига аралашганлик учун жавобгарлик киритиш режалаштирилмоқда.

АОКА бундай ҳуқуқбузарликни содир этганларга нисбатан ЭКИҲнинг 1 бараваридан 3 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишни таклиф қилмоқда.

Бетарафлик ва ишончлилик - журналистлар касб этикаси кодекси эълон қилинди

Худди шу қонун лойиҳаси билан АОКА  блогерларга журналистлар каби ҳуқуқларни беришни таклиф қилмоқда.

“Блогер — хабар ва материалларни тўплаш, таҳлил қилиш, таҳрирлаш, тайёрлаш ва тарқатиш билан шуғулланувчи ҳамда уларни ахборотдан фойдаланувчилар томонидан, шу жумладан, муҳокама қилиши учун Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтига ва (ёки) веб-сайт саҳифасига жойлаштирувчи жисмоний шахс”, - дейилади қонун лойиҳаси матнида.

Блогерлар ҳуқуқи“Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонуннинг 12.1-моддасида (“Эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборотни Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш”)  белгиланиши мумкин ва улар ўз фаолиятини амалга оширишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

- маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш, таҳрирлаш, тайёрлаш ва тарқатиш;

- ахборотни тўплаш, таҳлил этиш, таҳрир қилиш, тайёрлаш ва тарқатиш;

- ахборот олиш учун давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга мурожаат этиш;

- давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни истисно этган ҳолда ҳужжатлар, материаллар ва ахборотдан фойдалана олиш;

- журналист суриштируви ўтказиш;

- ўзи тайёрлаган хабарлар ва материалларни оммавий ахборот воситалари орқали имзосини ёки тахаллусини қўйиб тарқатиш, уларда ўз фикр-мулоҳазасини ифодалаш;

- давлат органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида ва оммавий тадбирларида иштирок этиш;

- фаолиятини амалга ошириш юзасидан мансабдор шахс қабулида бўлиш;

- маълумотларни белгиланган тартибда ёзиб олиш, шу жумладан зарур техника воситаларидан фойдаланган ҳолда ёзиб олиш;

- судларнинг очиқ мажлисларида, ҳарбий ҳаракатлар майдонларида, табиий офат юз берган ҳудудларда, оммавий тадбирларда ҳозир бўлиш;

- эълон қилишга тайёрланган маълумотларни текшириш учун мутахассисларга мурожаат қилиш;

- ахборот манбаи ёки муаллифнинг номи сир сақланишини талаб қилиш;

- блогер тақдим этган хабарнинг мазмуни жисмоний ва юридик шахслар томонидан бузиб эълон қилиш оқибатида, ўзига етказилган маънавий зарар ва моддий зиён қопланишини суд орқали талаб қилиш.

Блогер қонун ҳужжатлари билан журналистларга берилган бошқа ҳуқуқлардан ҳам фойдаланади.

Ўзбекистонда этика нормаларини бузган журналистлар жавобгарликка тортилади

АОКА директори ўринбосари Саида Мирзиёева Facebook᾽даги саҳифасида фуқароларни ушбу лойиҳа бўйича таклиф ва мулоҳазалар билдиришга чақирган. Таъкидланишича, таклиф ва мулоҳазалар ҳужжат лойиҳасини такомиллаштириш жараёнида ўрганиб чиқилади ва инобатга олинади.