Навбат Хоразмга: Хоразм вилояти ҳокими ҳам узр сўради – видео

Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов ҳам халқдан узр сўради.
Sputnik

Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов ҳам халқдан узр сўради.

“Ҳурматли элдошлар, ҳурматли Ашхобод маҳалласи аҳли, бутун Хоразм вилояти жамоаси, бугун мен жуда катта изтироб билан олдингизда турибман. Биз ўйламай қилган ишимиз натижасида, Ашхобод маҳалласи аҳолисига катта азият етказдик. Бу ерда мен ўзимни айбдор деб биламан” – деди Фарҳод Эрманов.

Унинг таъкидига кўра, агар ҳаммасини олдиндан ҳисоб-китоб қилиб, халқ билан маслаҳатлашилган ҳолда олиб борилганда бундай гап-сўзлар бўлмас эди.

Ҳоким ўйламай босилган қадам натижасида маҳалла аҳлига нафақат моддий, балки соғлик масаласида ҳам муаммо келтирилгани қайд этди.

“Вилоят ҳокимининг ваколатига халқнинг дахлсизлиги, унинг моддий неъматларини асраш киради. Аммо мен қўл остимдаги одамлар билан қилган ишимиз умуман тўғри келмаслигини билиб турибмиз. Мен бутун Хоразмдан кечирим сўрашим керакки, чунки бундай ишлар нафақат Ашхобод маҳалласида, балки бошқа туманларда ҳам бўлмаган, деб кафолат беришдан йироқман. Бугундан бошлаб яна барча ишларни сарҳисоб қилиб, барчасини жой-жойига қўйишга сўз бераман”, — дейди Хоразм вилояти ҳокими.

Шунингдек, у қатор мансабдорлар шахсларга чора кўрилганини қўшимча қилди.

Аввалроқ Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев Риштон туманига бориб, маҳаллий аҳоли билан учрашгани ва туманда олиб борилган бузилиш ишларида йўл қўйилган хатолар учун кечирим сўрагани хабар қилинган эди.

Эслатиб ўтамиз, Урганч шаҳридаги “Ашхобод” маҳалласида яшовчи 400 га яқин хонадон ушбу ҳудудда саноат зонаси ташкил этилиши муносабати билан Чондирқиёт қишлоғига кўчирилган эди. Ўша ерда аҳоли вақтинчалик чодирларда яшаб келаётган эди. Ваъда берилган пуллар би неча ой давомида тўланмаганлиги сабабли 26 июль куни кўчирилган аҳоли норозилик намойи сифатида “Урганч – Хонқа” йўлининг қатнов қисмини тўсиб қўйишган эди.

Шавкат Мирзиёев 2 август куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида қурилиш борасида сусткашликка йўл қўйган ва халқнинг катта норозилигига сабаб бўлаётган раҳбарларни, жумладан, Фарғона, Хоразм ва Қашқадарё вилояти ҳокимларини қаттиқ танқид остига олиб, мамлакат обрўсини нафақат халқ, балки бутун жаҳонга шарманда қилаётганини қайд этиб, халқдан кечирим сўрашларини буюрди.