ТОШКЕНТ, 1 авг – Sputnik. “Танк биатлони”да иштирок этаётган Ўзбекистон жамоаси ўзига биринктирилган Т-72 Б-3 танкларни синовдан ўтказди, деб хабар қилмоқда Мудофаа вазирлиги.
Москва вилоятида жойлашган “Алабино” дала-ўқув майдони бугун танкларнинг нишон томон отилган снаряд ўқлари овозига тўлди. Ҳамюртларимиз ўзларига бириктирилган жанговар техникаларнинг “тили”ни топиш, уларни меъёрий ҳолатга келтириш ва нишонларни йўқ қилиш борасида ўзларининг маҳоратларини кўрсатишди, - дейилган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон жамоаси “Танк биатлони”нинг иккинчи гуруҳидан жой олган бўлиб, жами 12 жамоага қарши курашади. Ўзбекистонлик танкчилар иштирокидаги баҳслар 4-, 6-, ва 8-август кунлари бўлиб ўтади.
Мусобақанинг тантанали очилиш маросими 3 август кунига белгиланган.