ТОШКЕНТ, 1 авг — Sputnik. АҚШ президенти Дональд Трамп россиялик ҳамкасби Владимир Путинга қўнғироқ қилиб, Сибирдаги ўрмон ёнғинларига қарши курашда ёрдам таклиф қилди. Икки давлат раҳбари ўртасидан телефон орқали мулоқоти чоршанба куни Америка томони ташаббуси билан бўлиб ўтди.
Россия президенти матбуот хизмати хабарига кўра, Владимир Путин Трампга кўмак ҳақидаги таклиф ва қўллаб-қувватлаш учун миннатдорлик билдирган ҳамда Россия томони зарур бўлганда бу ёрдамдан фойдаланишини билдирган.
Путин Трампга Сибирдаги ёнғинларга қарши курашиш учун кучли ҳаво гуруҳи тузилганини маълум қилган.
Қайд этилишича, Владимир Путин Америка президентининг таклифини келгусида икки давлат ўртасидаги алоқаларнинг тўлиқ изга тушишининг кафолати сифатида қабул қилган.
Хабарда икки давлат раҳбарлари ўзаро алоқаларни телефон орқали мулоқотлар ва шахсий учрашувлар тарзида давом эттириш ҳақида келишиб олганлари таъкидланган.
Россиянинг Сибирь ўлкасида кучли ўрмон ёнғинлари содир бўлмоқда. Ушбу муносабат билан Россиянинг 5 та ҳудудида фавқулодда ҳолат жорий қилинган. Ҳозирда ўрмон ёнғинларининг умумий майдони 2,8 миллион гектардан зиёдни ташкил қилади.