ТОШКЕНТ, 30 июл – Sputnik. Украинада Россиянинг Nika Spirit танкери тинтув вақтида мусодара қилинган ҳужжатлар билан бирга ҳибсга олинди. Бу ҳақда РИА Новости хабар қилмоқда.
“Биз буни бажардик. Нуқта!” — деб ёзган Украина бош ҳарбий прокурори Анатолий Матиос ўзининг Facebook᾽даги саҳифасида.
Шу билан бирга, Матиос Украина суди Украина хавфсизлик хизмати (УХХ) ҳарбий прокурорлари ва терговчилари хатти-ҳаракатларининг қонунийлигини текширганини таъкидлаган. Шунингдек, Украина қонунчилигида мамлакат ҳудудида бўлган денгиз ёки дарё транспортида тергов ҳаракатлари ўтказиш учун консул ёки дипломатик муассаса вакилидан рухсат олиш кўзда тутилмаганини иддао қилган.
УХХ ходимлари Россияга тегишли Nika Spirit танкерини 25 июль куни Измаил портида қўлга олган эди. Киев таъкидига кўра, танкер илгари Neyma деб номланган ва гўёки Керчь бўғозида Украина кемалари йўлини тўсишда иштирок этган.
Кемада тинтув ўтказилиб, унинг бортидаги ҳужжатлар, музокаралар ёзувлари ва борт журналлари мусодара қилинган. Кема экипажи сўроқ қилинган, лекин кейинроқ тўлиқ таркибда Россияга қайтган.
Сиёсий эксперт Владимир Джаралла бўлиб ўтган ҳодисани Украинанинг амалдаги президенти Владимир Зеленскийни ноқулай вазиятга қўйишга уриниш деб баҳолаган эди. Унга кўра, бунда илгари Порошенко билан ҳокимият тепасига келган ва беш йил давомида мамлакатни бошқарган кишиларнинг қўли бор. Уларнинг мақсади – Зеленскийга муаммолар яратиш ва Россия билан мулоқот ўрнатишга қаратилган ҳар қандай уринишни тўхтатиб қолиш.