ТОШКЕНТ, 30 июл - Sputnik. Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги 27-28 июл кунлари Фарғона вилояти Риштон туманида ўтказилган оммавий ҳашарни ноқонуний деб баҳолади.
“Вазирлар Маҳкамасининг 349-сон Қарорига мувофиқ, ҳашар фақат ихтиёрий асосда ўтказилиши белгиланган. Умумхалқ ҳашарини ўтказиш тўғрисида Президент ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарори бўлиши шарт. Ҳашарлар доирасида бошқа турдаги жамоат ишлари, шу жумладан, қурилиш-таъмирлаш ишларига мажбурий жалб этишга қатъий йўл қўйилмайди”, - дейилган хабарда.
Ундан ташқари, Меҳнат вазирлиги томонидан ҳашарда иштирок этган “Азот” АЖ, “Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи”, “Фарғона Иссиқлик энерго маркази” МЧЖ корхоналарда мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатларини ўрганиш учун 3 та гуруҳ комиссия тузилди.
Ушбу муносабат билан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги жойлардаги давлат ҳокимият органлари раҳбарларидан ҳар қандай мажбурий меҳнат кўринишларини тўхтатишни талаб этади, дейилган хабарда.