Тошкентча форсаж: “Дамас” ҳайдовчиси ЙПХ инспекторига тутқич бермади – видео

Дамас” ҳайдовчиси ЙПХ инспекторининг тўхташ ҳақидаги ишорасига бўйсунмади. Ички ишлар органлари ходими тегишли тартибда қоидабузарни таъқиб қила бошлади.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 29 июл — Sputnik. Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри кўчаларида ЙПХ инспектори “Дамас” ҳайдовчисининг ортидан қувгани тасвирланган видео тарқалди. Тошкент шаҳар ИИББ мазкур ҳодисанинг тафсилотларини маълум қилди.

Маълум бўлишича, ҳодиса 28 июль куни Олмазор туманида рўй берган. “Дамас” ҳайдовчиси Сағбон кўчасида қарама-қарши йўлдан ҳаракатланаётган вақтда ЙПХ инспекторининг тўхташ ҳақидаги ишорасига бўйсунмаган.

Шундан сўнг ички ишлар органлари ходими тегишли тартибда қоидабузарни таъқиб қилишни бошлаган. Бироқ бир оз вақт ўтиб бошқа фуқаролар ҳаёти учун хавф туғдирмаслик мақсадида таъқиб қилиш тўхтатилган.

Аммо қоидабузар ҳайдовчи йўл ҳаракати қоидаларини қўпол тарзда бузиб, бошқа инсонларнинг ҳаётини хавф остига қўйган ҳолда Кичик халқа автомобиль йўли ва Сағбон кўчалари чорраҳасида яширинган.  

Таъкидланишича, “Дамас” автомобили (давлат рақами 01 А 063 SА) Н.Ф. номига расмийлаштирилган, бошқарув учун ишончнома эса тўрт нафар фуқароларга берилган.

Ҳозирги вақтда “Дамас”ни ким бошқарганлигига аниқлик киритилмоқда.