Маҳаллаларда радиоузеллар ташкил қилиш таклиф этилди

“Радиоузел орқали ҳеч бўлмаганда ҳафтада 2-3 маротаба (ҳар куни бир маротаба бўлса ҳам) бир хил вақтда маҳалладаги янгилик ва эълонларни бериб бориш, ҳар бир хонадонга ўрнатилган радиоприёмник орқали маҳаллий янгиликлардан хабардор бўлиш барча учун фойдали бўлади”, - дейилган мурожаатда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 29 июл – Sputnik. “Менинг фикрим” мурожаатлар порталида маҳаллаларда радиоузеллар ташкил қилиш тўғрисида петиция жойлаштирилди.

Пиёдалар ўтиш жойларига кузатув камераларини ўрнатиш таклиф этилди

Мурожаат муаллифи фикрига кўра, ҳозирги шиддат билан ривожланаётган замонда телевидение ёки интернет орқали биздан узоқда бўлган давлатларда қандай воқеа ва ҳодисалар юз бераётгани ҳақида тезкор хабардор бўлишнинг имкони бор, лекин ўзимиз яшаб турган маҳаллада қандай янгиликлар бўлаётганини ўз вақтида билишнинг имкони йўқ.

"Авваллари, туман марказидаги радиоузелдан кунда бир бор янгиликлар бериб борилар эди. Маҳаллий ҳокимият органларининг мурожаати бўлса, ҳар бир хонадонга ўрнатилган радио орқали дарров эшитишнинг имконияти бор эди.

Ҳозирги вақтда маҳаллаларда тўй-хашамлар ва турли маросимларни тартибга солиш учун фуқаролар билан маслаҳатлашишда маҳалла раисларининг аҳоли билан очиқ мулоқоти учун етарли шароит йўқ. Бунинг учун алоқа воситасининг ўзи йўқ. Ҳар доим ҳам ҳаммани йиғиб гаплашиш учун имконият ва шарт-шароитлар бўлавермайди”, - дейилган петицияда.

Петицияда ушбу муаммони ҳал қилиш учун ҳар бир маҳаллада алоҳида радиоузел ташкил қилиш таклиф этилган.

“Ўша радиоузел орқали ҳеч бўлмаганда ҳафтада 2-3 маротаба (ҳар куни бир маротаба бўлса ҳам) бир хил вақтда маҳалладаги янгилик ва эълонларни бериб бориш, ҳар бир хонадонга ўрнатилган радиоприёмник орқали маҳаллий янгиликлардан хабардор бўлиш барча учун фойдали бўлади. Бу ўз навбатида маҳалла ва фуқаролар ўртасида янада яқин алоқа бўлишига хизмат қилади. Фуқаролар ҳам янгиликлардан ўз вақтида хабар топишади”, - дейилган мурожаатда.