Камилов ва Япониянинг махсус вакили бўлажак олий даражалардаги учрашувларни муҳокама қилди

Шавкат Мирзиёевнинг кузда Японияга ташриф буюриши кутилмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 29 июл — Sputnik. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов мамлакатга амалий ташриф билан келган Япония ТИВнинг Марказий Осиё ишлари бўйича Махсус вакили Ҳидеки Уямани қабул қилди.

Шавкат Мирзиёев кузда Японияга ташриф буюради

Учрашувда икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари муҳокама қилди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги ҳамкорлик деярли барча йўналишларда барқарор ва ўсувчан аҳамият касб этиши ҳамда ўзаро ҳурмат, ишонч ва бир-бирини қўллаб-қувватлаш тамойилларига асосланиши қайд этилди. Давлатлараро алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш истиқболлари ҳамда халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан томонларнинг мавқелари мос келиши ва ёндашувларининг ўхшашлиги таъкидланди.

Июль ойининг биринчи ярмида Токио шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон – Япония ва Япония – Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлик қўмиталарининг қўшма йиғилишининг, Ўзбекистон ҳукумат делегациясининг Япония вазирлик ва идоралари, етакчи ишлаб чиқариш ва молия тузилмалари раҳбарлари билан учрашувларининг муваффақиятли якунлари мамнуният билан эътироф этилди.

“Учрашувда йилнинг иккинчи ярмида бўладиган олий ва юқори даражалардаги учрашувларнинг жадвали ва кун тартиби бўйича фикр алмашилди”, - дейилади ТИВ хабарида.

Шу куннинг ўзида Ўзбекистон ва Япония ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг 17-раунди ўтказилди.

Шавкат Мирзиёев Наманганда Япония билан ҳамкорликда қурилаётган ИЭС билан танишди

Ўзбекистон ТИВ ўринбосари Дилшод Ахатов ва Ҳидеки Уяма бошчилигидаги делегациялар икки томон кун тартибининг кенг кўламли масалалари юзасидан фикр алмашди, жумладан сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамда БМТ, бошқа глобал ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболларини кўриб чиқди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Япония Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчлик ўрнатишга қаратилган сиёсатини юқори баҳолагани хабар қилинган эди.