Шавкат Мирзиёев уни ҳар куни қайси савол қийнашини маълум қилди

Президент Оқдарё туманидаги Pure milk Oqdaryo фермер хўжалиги даласида бўлиб, миришкорлар билан суҳбатлашди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 26 июл — Sputnik. Шавкат Мирзиёев Самарқандга ташрифи давомида Оқдарё туманидаги Pure milk Oqdaryo фермер хўжалиги даласида бўлиб, миришкорлар билан суҳбатлашди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

“Қандай қилиб одамларнинг даромадини оширамиз, деган савол мени ҳар куни қийнайди. Бунинг учун ҳар бир ҳудуд, ҳар бир соҳада имкониятлар бор. Қишлоқ хўжалигида – янги технологияларни жорий қилиб, ҳосилдорликни ошириш, хомашёни қайта ишлаш. Қайта ишлаш бўлса, даромад, иш ўрни кўпаяди”, - деди Мирзиёев.

Қайд этилишича, пахтачилик ва чорвачиликка ихтисослашган мазкур фермер хўжалигининг майдони 1 минг 360 гектарни ташкил этади. Ғўзани томчилатиб суғориш жорий этилган.

Мирзиёев Самарқандга жўнаб кетди

Давлат раҳбари қолган хўжалик ва кластерлар ерини ҳам томчилатиб суғоришга ўтказиш, ҳосилдорлик паст майдонларда ғаллани қисқартириб, даромади ундан юқори мева-сабзавотлар экиш, фермер ва кластерлар учун минитехнологиялар етказиб бериш бўйича кўрсатмалар берди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Самарқанд аэропортини реконструкция қилиш бўйича кўрсатмалар бергани ҳақида хабар қилган эдик.