ТОШКЕНТ, 25 июл — Sputnik. “Ўзбекистон темир йўллари” ва “Қазақстан темир жоли” раҳбарияти иштирокида ўзаро чипталар нархини пасайтириш масаласи бўйича музокара ўтказилди.
Унга кўра, 2019 йил 1 августдан бошлаб “Қазақстан темир жоли” миллий компанияси АЖ томонидан №001/002 сонли Тошкент-Олмаота-Тошкент йўналишидаги тезюрар “Тулпар-Тальго” поездининг чипталарига белгиланган тариф баҳосига қўшимча чегирмалар берилишига қарор қилинди.
Хусусан, мазкур йўналишга поезд йўнашидан беш кун олдин чипта харид қилинса SV ҳамда купе туридаги вагонларга – 25 фоиз, ўриндиқли вагонларга – 15 фоиз, қўшимча йиғимларга – 53 фоизли чегирма берилади.
Қайд этилишича, яқин кунларда №001/002 сонли тезюрар “Тулпар – Тальго” поездининг чипта нархларини пасайтириш масаласи яна қўшимча равишда кўриб чиқилади.
Эслатиб ўтамиз, Олмаота ва Тошкент ўртасида “Тулпор-Тальго” тезюрар поезди 2017 йил 21 мартдан қатнашни бошлаган эди. Йўлга сарфланадиган вақт тахминан 16 соат 30 дақиқани ташкил этади. Қатнов йўлидаги тўхташ жойлари: Отар, Чу, Тараз, Чимкент, Сариоғоч ва Тошкент.