Атамбаев Кремлда Путин билан учрашди – видео

Учрашувда Путин Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев билан минтақа ва республикадаги вазиятни муҳокама қилган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 25 июл — Sputnik. Владимир Путин Кремлда Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев билан учрашди. Бу ҳақда РИА Новости хабар қилди.

Хабарда ёзилишича, учрашувда Россия раҳбари Путин Атамбаев билан минтақа ва республикадаги вазиятни муҳокама қилган.

“Ҳа, мен Алмазбек Шаршенович (Атамбаев) билан учрашдим. Биз минтақа ва Қирғизистондаги вазият ҳақида суҳбатлашдик”, - деди Путин журналистларга.

Россия етакчиси амалдаги ва юқори лавозим вазифаларини тарк этган ҳамкасблари билан мулоқот қилишга ҳамиша тайёрлигини таъкидлаган.

Путин Қирғизистон учун ҳозирда сиёсий барқарорлик муҳим эканлиги, мамлакат аҳолиси амалдаги президент Сооронбай Жээнбеков атрофида бирлашиши ва унга давлатни ривожлантиришда кўмаклашишлари кераклигини қайд этди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ  дахлсизлик ҳуқуқи ва собиқ президент мақомидан маҳрум қилинган Атамбаев Москвага хусусий самолётда учиш учун йўлга отлангани хабар қилинган эди.