Ўзбекистонликларнинг ўртача ойлик иш ҳақи маълум қилинди

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси юридик шахс мақомига эга бўлган корхона ва ташкилотларда ишловчиларнинг ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи миқдорини маълум қилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 22 июл – Sputnik. 2019 йил январь-июнь ойларида Ўзбекистон Республикаси бўйича юридик шахс мақомига эга бўлган корхона ва ташкилотларда ишловчиларнинг ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 2 миллион 92,6 минг сўмни  ташкил этган, бу эса 2018 йилнинг мос даврига нисбатан 30,1 %га ўсган. Рақамлар Давлат статистика қўмитаси маълумотларида келтирилган.

Ўзбекистонда 1 августдан иш ҳақи, пенсия ва стипендия миқдори оширилади

Қўмита иш ҳақига устама, мукофот, рағбатлантириш хусусиятига эга тўловлар, компенсация ва ишланмаган вақт учун ҳақ каби тўловларни киритган, шунингдек, унинг таркибида жисмоний шахслар даромад солиғи ва касаба уюшмасига тўловлар ҳам мавжуд.

Қайд этилишича, республика бўйича 2019 йил январь-июнь ойларида 2018 йилнинг мос даврига нисбатан иқтисодий фаолият турлари бўйича ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақининг юқори ўсиш суръати соғлиқни сақлашда 37,2 %, таълим соҳасида 35,3 %, банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик фаолиятида 31,8 %, саноатда 23,0 % ва қурилишда 22,9 % кузатилган.

Ўзбекистонда 1 августдан жарималар миқдори ҳам ошади

Ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи кўрсаткичини республика ҳудудлари бўйича кўрадиган бўлсак, ўртача ойлик иш ҳақининг юқори миқдори Тошкент шаҳрида 2 млн 971,9 минг сўмни (республикадаги ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан 142,0 фоиз), Навоий вилоятида 2 млн 659,5 минг сўмни (127,1 %) ва Тошкент вилоятида 2 млн 300,7 минг сўмни (109,9 %) ташкил этган бўлса, Самарқанд вилоятида 1 млн 738,2 минг сўмни (83,1 %), Сурхондарё вилоятида 1 млн 722,8 минг сўмни (82,3 %), Наманган вилоятида 1 млн 720,0 минг сўмни (82,2 %) ташкил этиб, бошқа ҳудудларга нисбатан кам миқдорга эга бўлмоқда.