Ўзбекистонда “паспорт столлари” дам олиш кунлари қанча фуқарога хизмат кўрсатди?

Мамлакатда аҳолисига қулайлик яратиш мақсадида биометрик паспорт ҳамда хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш учун фуқароларга ҳафтанинг дам олиш кунлари ҳам хизмат кўрсатилмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 22 июл – Sputnik. ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизматлари томонидан дам олиш кунлари қанча фуқарога хизмат кўрсатилганини маълум қилди.

Хорижга чиқиш паспортини олиш учун нима қилиш керак?

Ўзбекистон ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабарига кўра, Республика ИИО миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизматлари томонидан 20 июль, шанба куни 5066 нафар фуқаролардан биометрик паспорт ва хорижга чиқиш биометрик паспортларини расмийлаштириш юзасидан ҳужжатлар қабул қилинган. Шунингдек, 4807 нафар фуқароларга биометрик паспорт ва хорижга чиқиш биометрик паспортлари топширилган.

21 июль, якшанба куни эса 528 нафар фуқаролардан биометрик паспорт ва хорижга чиқиш биометрик паспортларини расмийлаштириш юзасидан ҳужжатлар қабул қилиниб, 1982 нафар фуқароларга биометрик паспорт ва хорижга чиқиш биометрик паспортлари топширилган.

Хабарда иш кунларидан ташқари дам олиш кунлари хизмат кўрсатиш келгуси ҳафталарда ҳам давом эттирилиши эслатиб ўтилган.

Аввалроқ Тошкентда “паспорт столи” дам олиш кунлари ҳам ишлаши ҳақида хабар қилган эдик. Бу фуқароларнинг биометрик паспорт олиши учун вақтни қулайлаштириш мақсадида ташкиллаштирилган.