ТОШКЕНТ, 19 июл – Sputnik. “Менинг фикрим” мурожаатлар порталида жамоат транспортлари ойналарини қорайтириш ҳақида петиция жойлаштирилди.
Петиция муаллифи фикрига кўра, ёз мавсумида ҳарорат 40 даражадан ошган вақтларда автобуслардаги кондиционерларнинг совутиш функцияси ишламай қолганда жуда сезилади.
“Шу сабабли, жамоат транспортлари, яъни автобус ва бошқа йўналишли транспорт воситаларининг ойналарини ёруғлик ўтказишини камида 50 ёки 60 фоизгача сўндиришни таклиф қиламан”, - дейилган мурожаатда.
Таъкидланишича, жазирама қуёш жамоат транспортидаги одамларнинг саломатлигига салбий таъсир кўрсатади. Кўнгил айниши, хушсизланиш каби ҳолатларга сабаб бўлади.
Бундан ташқари, баъзида тиғиз вақтда автобусда ўтириш учун бўш жой бўлса ҳам одамлар қуёш сабаб ўша бўш жойларга ўтирмайди. Бу эса ортиқча тиқилинчни юзага келтиради. Ҳамма автобусларга кондиционер қўйиш ёки уларни янгиларга алмаштириш эса кўп маблағ ва вақт талаб қилади.
“Амалдаги Йўл ҳаракати қоидалари 3-иловасининг 7.4 бандида “Барча транспорт воситаларида олд, ён ва орқа томондаги ойналарнинг ёруғлик ўтказиши камида 70 фоизни ташкил этиши керак”лиги белгиланган. Шу сабабли юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, жамоат транспортлари, хусусан, автобус ва бошқа йўналишли транспорт воситалари ойналарининг ёруғлик ўтказишини камида 50 ёки 60 фоизгача сўндиришни таклиф қиламан”, - дейилган петицияда.